суббота, 4 апреля 2015 г.

Шокир Долимов: Гарри Поттер ва ва фалсафий тош. (1-қисм) ЎН ЕТТИНЧИ БОБ. ИККИ ЮЗЛИ ОДАМ

Таажжуб, хонада Белка турибди.
- Сиз! - ҳайрон бўлди Гарри.
Одатда, титраб турадиган юзи энди титрамай қўйган Белга болага қараб кулиб қўйди.
- Мен, - хотиржам жавоб қайтарди у, - Иккаламизнинг шу ердаги учрашувимиз ҳақида ўйлаб юрар эдим доимо, Поттер.
- Бироқ ўйлашимча, бу ерда... Снегг...
- Северус-ми? - қаҳқаҳлаб юборди Белка.

Қаҳҳаҳа ҳам Белканинг, одатда, асабий, титроқ кулгисидай эмас, аксинча, жуда қатъий, совуқ янгради.
- Нима ҳам дейман, - давом этди Белка, - Снеггнинг ранги-рўйи-ю, кепатасига қараганда чиндан ҳам ёвуз кишига ўхшаб кетади, шундай эмасми? Гўё йирик кўршапалак каби доимо атрофимда парвона. Унинг олдида м-м-мендай, б-б-бечора д-д-дудуқ п-п-профессор Б-б-белкадан к-к-ким ҳам ш-ш-шубҳаланар эди?
Гарри ўз қулоқларига ўзи ишонмайди. Бўлиши мумкин эмас. Бундай бўлиши мумкин эмас.
- Ахир Снегг мени ўлдириш пайида юрган эди-ку!
- Йўқ, йўқ, йўқ. Сени ўлдиришга Снегг эмас мен уринганман. Ўша квидиш ўйинида дўстинг мисс Грэнжер Снеггни ёқиб юборишга шу қадар ошиқиб бордики, ҳатто мени ҳам бехос туртиб юбориб, нигоҳимни сендан узиб қўйди. Акс ҳолда, яна икки сониядан сўнг, супургидан қулатиб, катта кўчада босиб олинган қурбақага ўхшатиб қўйган бўлар эдим сени. Снегг... Агар у мен ўқиётган афсунга қарши афсун ўқиб ўтирмаганда, сени тинчитишга кўп вақт кетмас эди. Ўша куни ўтирган жойида сени жонингни сақлаш билан банд бўлган.
- Снегг мени ҳаётимни сақлаб ўтирди-ми?
- Албатта! - совуқ оҳангда тасдиқлади Белка, - Нима деб ўйлайсан, нега энди Снегг дабдурустдан кейинги ўйинга ҳакамлик қилишга истак билдириб қолди? Чунки у, иккинчи бор уринишимга йўл қўймаслик керак деб ўйлаган ўзича. Кулгили... Бунчалик ташвиш чекмаса ҳам бўлар эди. Дамблдор бор жойда менинг қудратим жуда заиф... Қолган ўқитувчилар орасида эса Снегг ҳақида нотўғри фикр шаклланди. Снегг гриффиндорчилар ғолиб чиқишига тўсқинлик қилмоқчи деб ўйлашди... Бу эса ўз навбатида, унинг обрўсига путур етказди... Энг асосийси, шунча вақт-у, куч беҳуда сарф этилгани бўлди. Ахир бари-бир ҳозир ўлдираман-ку сени.
Белка бармоқларини шақиллатди. Дафъатан ҳавода арқонлар пайдо бўлиб, Гаррига ўралишди-да, болани турган жойида ҳаракатсизлантириб, маҳкам боғлаб қўйди.
- Сен ҳаддан ортиқ қизиқувчан боласан. Бундай кишилар хавфли саналиб, уларни тирик қолдириб бўлмайди. Хэллоуин куни мактаб бўйлаб сандироқлаб юрганини қаранг-а! Фаҳмимча, тош қандай сақланаётганини ўрганиб чиқиш учун борганимни кўриб қолгансан, а?
- Ўша куни троллни қасрга киритган сизмидингиз?
- Албатта. Тролль овига қобилиятим ўзгача. Бу ерга кириш йўлагини қўриқлаган бечора троллнинг аҳволини кўриб, ишонч ҳосил қилгансан, деб ўйлайман? Бахтга қарши, ўша куни ҳамма тролль кетидан қувиб юрганда, тентак Снегг, тўғри учинчи қаватга йўл олди. У анча вақтдан буён мендан шубҳаланиб юрган. Мендан сал эртароқ ҳаракат қилди... Оқибати нима бўлди? Тролль сени бир ёқли қилмагани камлик қилгандай, анави уч каллали аҳмоқ ит ҳам Снеггнинг оёғини тузук-қуруқ тишлаб, узиб олмади! Ҳозир эса Поттер, жим бўл! Мен мана бу кўзгуни яхшилаб ўрганиб чиқишим даркор.
Гарри профессор Белканинг ортида нима турганини энди фаҳмлади. Кўнгилдаги орзулар кўзгуси шу ерга яшириб қўйилган экан.
- Тошни мана шу кўзгу ёрдамида топиш мумкин, - ғудуллади Белка, кўзгу ромини бир четдан тақиллатиб чиқар экан, ўзи билан ўзи гаплашиб, - Дамблдордан яна нимани ҳам кутиш мумкин... У ҳозир Лондонда бўлса... Қайтиб келганида, мен бу ерлардан жуда узоқда бўламан...
Белкага халал бериш учун уни гапга солиб, хаёлини кўзгудан чалғитиш керак, ният қилди Гарри.
- Мен сиз билан Снегг иккалангизни ўрмонда кўрганман! - деди у.
- Тўғри, - истар-истамас жавоб қайтарди Белка, кўзгу ортига ўтиб, - У менга айб қўйиб, қанчалик ҳаддан ошиб кетганлигимни билишга уринди. Доимо мендан шубҳалангани-шубҳаланган. Мени қўрқитиш ҳаракатини ҳеч қўймади-қўймади. Гўё ҳукми зўр унинг. Билмайди-ки, лорд Вольдеморт мен томонда!
Белка олдинга чиқиб, кўзгуга тикилиб қолди.
- Мен тошни кўриб турибман... - деди у, яна ўзи билан ўзи гаплашиб, - Уни Соҳибга топшираётганимни ҳам кўряпман... Бироқ қани ўша тош?
Гарри бор кучини ишга солиб, арқон чангалидан халос бўлишга уринди-ю, кучи етмади. Нима қилганда ҳам, Белкани кўзгудан чалғитиш керак, хаёлдан ўтказди у.
- Назаримда, Снегг, мендан жуда нафратланади.
- Ҳақ гап. У чиндан ҳам сендан нафратланади, - тасдиқлади Белка, - Нафратланганда ҳам шундай нафратланадики, қўяверасан. Ахир у «Хогварц»да отанг билан бирга ўқиган. Билармидинг? Улар бир-бирини кўргани кўзи, отгани ўқи йўқ эди. Шунга қарамай, сени ўлдириш, унинг режасига кирмаган. Бу борада кўнглинг тўқ бўлсин.
- Бир неча кун олдин қайсидир синф хонасида йиғлаганингизни эшитган бўлдим. Назаримда Снегг сизга дўқ-пўписа қилгандай бўлди...
Биринчи бор қўрқув ҳисси Белканинг юзини буриштириб юборди.
- Баъзан, - деди у, - Соҳибнинг амрини бажариш менга жуда қийин кечади. У буюк сеҳргар, мен эса унинг жуда заиф қулиман...
- Айтмоқчисиз-ки, соҳибингиз ўша хонада сиз билан бирга бўлган?! - ҳайратланиб сўради Гарри.
- Мен қаерда бўлмай, у доимо мен билан, - хотиржам жавоб қайтарди Белка, - У билан жаҳон бўйлаб саргузашт қилиб юрган кезларимда учрашиб, танишганман. Ўшанда мен эзгулик ва ёвузлик ҳақида кулгили тасаввурга эга ғўр йигитча бўлган эдим. Лорд Вольдеморт, ушбу тасаввурлар қанчалик бемаъни эканлигини яхшилаб тушунтириб қўйди. Бу дунёда на эзгулик ва на ёвузлик бўлади. Ягона ҳақиқат – мутлақ ҳокимиятдир. Шундайлар борки ҳокимиятга эришиш учун жуда заифлик қилади... Ўша даврлардан эътиборан мен унга садоқат-ла, астойдил хизмат қилиб келмоқдаман. Гарчи кўп бор умидини пучга чиқариб, панд берган бўлсам-да. Бунинг учун эса Соҳиб ҳақли равишда мени жазолайди, - бирдан Белка сесканиб кетди, - Соҳиб хатоларни кечирадиганлардан эмас. Фалсафий тошни «Гринготтс»дан олиб чиқишга муваффақ бўлмаганимда Соҳиб мендан жуда қаттиқ ранжиди. Табиийки, мени жазолаб... хатти-ҳаракатларимга кўпроқ эътибор қаратишга аҳд қилди...
Ўзи билан ўзи гаплашаётган Белканинг овози сўниб бориб, ниҳоят уни батамом ўчиб қолди. Гарри Диагон хиёбонида ўтказган туғилган кунини эслади. Шунчалик овсар бўладими бола деган, ахир ўша куни «Тешик тош»да профессор Белка билан илк бор танишиб, қўл бериб саломлашган эди-ку!
Белканинг сўкиниши эшитилди.
- Ҳеч тушунмайман... Тош кўзгунинг ичидами, нима бало? Синдириб юбораймикан уни?
Гарри миясини яшин тезлигидай ишлата бошлади.
Ҳозир мен тошни Белкадан олдин топишни истайман, хаёлдан ўтказди у. Демак, агар мен кўзгуга қарайдиган бўлсам, тошни қидириб топганимни, яъни тош қаерга яширинганлигини кўраман! Бироқ кўзгуга қай тарзда қарасам Белка сезиб қолмас экан?
У кўзгунинг қаршисига туриш учун чап томон силжиш ва айни пайтда ўз ниятини Белкага ошкор эттириб қўймасликка уриниб кўрди. Бироқ арқонлар унинг оёғини ниҳоятда маҳкам сиқиб қўйган. Гарри қоқилиб кетиб, ерга қулаб тушди. Профессор унга эътибор ҳам қаратмади. У ҳозир ўзи билан ўзи гаплашмоқда.
- Бу лаънати кўзгунинг сири нимада экан, а? Қандай кор кўрсатади у? Ёрдам беринг, Соҳиб!
Ушбу мурожаатга жавобан гўё Белканинг ўзидан жавоб чиққанини эшитган Гарри қаттиқ қўрқиб кетди.
- Боладан фойдалан... Боладан...
- Хўп бўлади.
Белка кескин Гаррига юзланди.
- Поттер, бу ёққа кел.
У қарс урди. Болани маҳкам сиқиб турган арқонлар бўшаб, ерда қолди. Гарри аста оёққа турди.
- Бу ёққа кел, - такрор буюрди Белка, - Кўзгуга қарагин-да, нимани кўрганингни менга айт.
Гарри Белкага яқин келди.
Ёлғон гапириш керак, хаёлдан ўтказди Гарри, умидсиз аҳволга тушиб, кўзгуга қараш керак-да, бирор-бир ёлғон тўқиш керак.
Белка Гаррига яқинроқ келиб олди. Гарри салладан таралаётган ғалати ҳидни ҳис этди. Кўзини юмди-да, кўзгунинг қаршисига келиб, очди.
Дастлаб бола ўзининг юзи оқариб, қўрқиб кетган аксини кўрди. Бир сония ўтгач, акси унга қараб кулиб қўйди-да, қўлини киссасига солиб, қондай қип-қизил тошни чиқариб кўрсатди. Шундан сўнг, акс кўзини қисиб қўйиб, тошни яна киссасига солди. Айни шу пайтда Гарри ўзининг ҳақиқий киссасида аллақандай оғир жисм пайдо бўлганини сезиб қолди. Тушуниб бўлмас ҳолатда у тошни қўлга киритди.
- Хўш? - сўради Белка сабрсизлик билан, - Нимани кўряпсан?
- Дамблдор билан қўл бериб сўрашаётганимни кўряпман, - тўқиди Гарри, - Мен... мен мактаб кубогини қўлга киритибман.
Белка яна сўкинди.
- Йўқол бу ердан, - ўшқирди у.
Гарри сони билан тошни ҳис этганча, кўзгудан нари кетди. Қочишга уриниб кўрай-ми?
У беш қадам нари кетишга улгурмай, Белканинг лаби қимирламаётган бўлса-да, яна ўша ғалати овоз эшитилди.
- У ёлғон гапирди... Бола ёлғон гапирди...
- Поттер, қайт! - қичқирди Белка, - Ростини гапир, нимани кўрган эдинг?
- У билан... юзма-юз гапиришга имкон ярат... - эшитилди яна ўша овоз.
- Соҳиб, сиз ҳали жуда заифсиз!
- У билан гаплашиб қўйишга... қурбим етади...
Гарри, худди яна Иблис тўрига тушиб қолгандай турган жойида серрайиб, танасининг бирорта мушагини қимирлата олмай, қотиб қолди. Белка қўлини кўтариб, бошидаги салласини еча бошлади. Нима бу? Салла ерга тушгач, Белканинг калласи кичкина бўлиб қолди. Бир вақт калла, ўз ўқи атрофида бурила бошлади.
Қичқириб юбормоқчи бўлган боланинг дами чиқмай қолди. Белканинг боши орқасида бўр каби оппоқ, кўзи қип-қизил, бурун катаги илонникига ўхшаш иккинчи юз кўринди. Гарри ҳаёти давомида бундай жирканч башарани ҳали кўрмаган.
- Гарри Поттер... - вишиллади юз.
Гарри орқага тисарилмоқчи бўлди-ю, оёғи итоат қилмади.
- Кўрдинг-ми, қай аҳволга тушиб қолганлигимни? - сўради юз, - Гўё бир кўланка, арвоҳман... Фақат бировнинг танасидагина яшай оладиган аҳволдаман... Хайриятки, мени ўз танаси ва миясига киритадиганлар доимо топилади... Сўнгги кунларда яккашоҳ нарвалнинг қони жонимга оро бўлди. Ўрмонда садоқатли Белка мен учун ўша қонни ичганини кўрдинг... Ана энди, Оби-Ҳаётга эришгач, ўз танамни ўзим ярата оламан... Шундай экан... Киссангга яширган тошни бер...
Демак у билади. Гарри оёғини яна ҳис этгач, орқага тисарилди.
- Аҳмоқлик қилма, - дарғазаб буришди юз, - Яхшиси ўз ҳаётингни асраб, менинг тарафдорларим томонга ўт... Акс ҳолда, бошингга ота-онанг кўрган кунни соламан... Улар ўз ўлимидан олдин узоқ шафқат сўраб, ялиниб-ёлворишди...
- ЁЛҒОН! - бирдан қичқириб юборди Гарри.
Вольдеморт кўриб туриши учун Белка Гарри томон одимлаб келмоқда.
- Уни қаранг-а... - вишиллади юз, - Довюракларни доимо ҳурмат қилиб келганман... Ҳа, йигитча, тан олиш керакки, ота-онанг мард кишилар бўлишган. Дастлаб қаҳрамонона курашган отангни ҳалок қилдим... Онанг ўлиши шарт эмас эди... У сени ҳимоя қилди... Агар унинг ўлими зое кетмаслигини истасанг тошни бер.
- ҲЕЧ ҚАЧОН!
Гарри ловуллаб ёниб турган эшик томон сакради. Шу топда Вольдеморт чийиллаб юборди.
- Ушла уни!
Кейинги фурсатда Белка Гаррининг билагидан тутиб олди. Боланинг пешонасидаги чандиқ шу қадар оғрий бошладики, гўё боши ҳозир икки бўлиниб кетадигандай. Гарри овози борича қичқириб, курашди. Таажжуб, бола Белканинг чангалидан осон қутулди. Бош оғриғи бир оз енгиллашди. У атрофга қараб, Белкани қидира кетди. Белка оғриқ азобидан букчайиб қолган, бармоқлари Гаррининг кўз ўнгида пўрсилдоқ бўла бошлади.
- Ушла уни! УШЛА УНИ! - такрор қичқирди Вольдеморт.
Белка яна ташланди. У Гаррини ерга йиқитганча, устига чиқиб, бўйнидан бўғиб олди. Боши такрор оғриганидан бола деярли ҳеч нарсани кўрмади. Лекин Белка ҳам оғриқ азобидан жон талашаётганини сезди.
- Соҳиб, мен уни тутиб қололмайман, қўлим... қўлим...
Белка тиззалари билан Гаррини босиб олганча, томоғини қўйиб юбориб, кафтларига тикилиб қолди. Қўлининг тери қопламаси куйиб, гўшти кўриниб қолган.
- Ундай бўлса, тезроқ ўлдир, вассалом, аҳмоқ!
Белка, ажал келтирадиган қарғиш ўқиш учун қўлини кўтарган пайтда Гарри ғайриихтиёрий равишда буралиб, рақиб тиззалари остидан чиқиб олдида, унинг юзини маҳкам ушлаб олди...
- АААААА!
Юзи куйган Белка дод-фарёд қилганча нари юмалаб кетди. Шундагина Гарри ўз устунлигини идрок этди. Белка Гаррининг танасига тегиши билан чидаб бўлмас оғриқ ҳис этмоқда. Омон қолишнинг ягона йўли – рақибни маҳкам ушлаб, қарғиш ўқишга кучи етмайдиган даражада азоб беришдир.
Гарри ирғиб турди-да, Белканинг қўлини кучи борича маҳкам ушлаб олди. Белка уввос солиб, Гаррининг қўлидан халос бўлишга уринди. Боланинг пешонасидаги чандиқ эса баттар оғриб, кўзига ҳеч нарса кўринмай қолди. Шундай бўлса-да, Вольдемортнинг: «ЎЛДИР УНИ! ЎЛДИР УНИ!» деган қичқириқлари, яна кимнингдир «Гарри! Гарри!» деган йиғисини эшитди.
Гарри Белканинг қўли бўшаб чиққанини ҳис этиб, энди ҳалок бўлиши муқаррарлигини сезди. Назарида у қандайдир тубсиз, қоронғи жарликка тушиб кетаётган бўлди. У тобора пастлар... пастлар...
Боши узра аллақандай ялтироқ нарса учиб ўтгандай бўлди. Ахир бу Тилла чаққон-ку! У коптокчани тутиб олмоқчи бўлди-ю, бироқ... қўли ниҳоятда оғирлик қилди.
Кўзини пирпиратди. Ялтираган нарса ҳеч қанақанги Тилла чаққон эмас, ярим ой шаклига эга шиша кўзойнак. Қизиқ.
У яна кўзини пирпиратди. Худди бўшлиқдан чиқиб келгандай, Альбус Дамблдорнинг кулиб турган юзи унга қараб турибди.
- Салом, Гарри, - деди Дамблдор.
Гарри унга бир оз тикилиб турди-да, бирдан эс-ҳушини йиғиб олди.
- Сэр! Тош! Унинг пайига тушган аслида Белка экан! Фалсафий тош Белкада! Тезроқ, сэр...
- Тинчлан, қадрдоним. Сенинг маълумотларинг бир оз эскириб қолди, - мулойим овоз-ла болани тинчлантирди Дамблдор, - Тош Белкада эмас.
- Кимда, сэр? Мен...
- Гарри, тинчлан, илтимос. Акс холда Помфри хоним ҳозир мени қувиб солади бу ердан.
Гарри ютиниб қўйди-да, атрофга қараб, касалхонада ётганини идрок этди. У оппоқ чойшаблар тўшалган каравотда ётибди. Каравот ёнида эса ҳар хил ширинликлар тоғдай уюб ташланган.
- Дўстлар ва сени қадрловчи кишилардан совға-саломлар, - тушунтириш берди бахтдан ёришиб турган Дамблдор, - Ер остида сен билан профессор Белка иккалангизнинг ўрталарингда бўлиб ўтган ҳодиса қатъий сир сақланиши керак. Шу боис ҳам, табиийки, бу сирдан бутун мактаб хабардор бўлиб, ҳамма ўз тасанносини ифода этгани ошиқмоқда. Билишимча, дўстларинг мистер Фред ва мистер Жорж сенга унитаз қопқоғини совға қилишмоқчи ва шубҳа йўқ-ки, шу тариқа сени кўнглингни кўтариб, овунтирмоқчи бўлишган. Бироқ Помфри хоним бундай совғани гигиена талабларига жавоб бермайди деб топиб, мусодара қилди.
- Бу ерда қачондан буён ётибман?
- Атиги уч кун. Мистер Рональд Уэсли ва мисс Грэнжер ҳушингга келганингни эшитса жуда қувониб кетишади. Улар сендан жуда хавотир олишди.
- Бироқ сэр, тош...
- Тушунишим-ча, сени бу хаёлдан чалғитиш осон кечмайди. Хўш, тош бўлса, тош-да. Профессор Белка уни сендан тортиб олишга эриша олмади. Негаки, мен вақтида келиб қолиб, бунга йўл қўймадим. Бироқ таъкидлаб ўтиш жоизки, ишни ўзинг уддалаб қўйган экансан.
- Сиз келиб қолдингиз? Гермиона йўллаган бойқуш шу қадар тез етиб борди-ми?
- Биз ҳавода учрашдик. Лондонга етиб боришим билан қаердан келган бўлсам, зудлик билан ўша ерга қайтишим кераклигини дарҳол тушундим. Воқеа жойига ўз вақтида етиб келиб, профессор Белкани сенинг устингдан ажратиб олдим.
- Ўша сиз эдингизми.
- Кеч қолдим деб қўрққан эдим.
- Тош учун курашишга кучим деярли қолмаган эди.
- Мен тош ҳақида эмас, ўғлим, сен ҳақингда гапирмоқдаман. Сени йўқотиб қўйдим деб қўрқдим. Фалсафий тош масаласига келсак, у йўқ қилинди.
- Йўқ қилинди? - сўради Гарри, ҳеч нарсани тушунмай, - Дўстингиз, Николас Фламелга нима қилади энди?
- Николасни биласанми? Демак сен ҳамма гапдан бохабар экансан-да, а? - қувонч-ла хитоб қилди Дамблдор, - Хўш, Николас иккаламиз маслаҳатлашиб, масалани ижобий ҳал этдик.
- Энди у ва унинг рафиқаси бу ҳаётни тарк этишади-ку, шундай эмасми?
- Ўз ишларини тартибга келтириб олишлари учун уларнинг ихтиёридаги Оби-Ҳаёт захираси етарли. Кейин эса тўғри айтдинг, бу дунёни тарк этиб кетишади.
Гаррининг юзида ифодаланган кучли таҳайюр Дамблдорни кулишга мажбур қилди.
- Ишончим комилки, сендай ёш йигитчага бу сўзлар фавқулодда маънода эшитилади-ю, бироқ ўлим, Николас билан Перенелла учун узундан узоқ чўзилиб кетган кундан кейин келган тунги уйқудек гап. Пировардида, ўлим, тўғри шаклланган онг учун, янги бир ажиб саргузашт. Шундай эмас-ми? Агар билсанг, ўша Фалсафий тош у қадар қимматли нарса эмас. Ўзинг истаганча бойлик ва истаганча узоқ ҳаёт! Буни ҳар қандай киши хоҳлайди. Ҳамма бало шундаки, одамлар доимо ўзларини ҳалокат ёқасига олиб келиб қўядиган нарсалар ҳақида орзу қилишади.
Гарри эшитаётган гаплар мазмунини тушуниб-тушунмай, уларга жавоб топа олмай ётди. Дамблдор эса шифтга қараганча, кулиб ўтирибди.
- Сэр? - ниҳоят овоз берди Гарри, - Бир нарса ҳақида ўйланиб қолдим... Айтайлик, энди тош йўқ, Вольд... яъни Ўзингиз-Биласиз-Ким...
- Уни Вольдеморт деб айт, Гарри. Ҳамма нарсани ўз номи билан айтишга ўрган. Муайян нарсанинг номидан қўрқиш, мавзуга нисбатан шаклланган қўрқув ҳиссини янада кучайтириб юборади.
- Худди шундай, сэр. Энди Вольдеморт ҳаётга қайтишнинг бошқа йўлларини қидиради, шундайми? У ахир ўлмаган-ку, тўғрими?
- Йўқ, Гарри, у ўлмади. У ҳалигача тирик. Ўзига бирон-бир янги тана қидириб юрган бўлса керак... Гап шундаки, аниқроқ айтиладиган бўлса, Вольдеморт чинакамига тирик эмас, шу боис ҳам уни ростакамига ўлдириб бўлмайди. У, ўзинг шоҳид бўлдинг, Белкани ўлимга маҳкум этиб, ўзи қочиб қолди. Вольдеморт на дўстлари ва на душманларига шафқат қилади. Ўша худбин фақат ўз мақсад ва манфаатларини кўзлайди холос. Сен унинг қайтишини номаълум вақтга кечга суриб юборган бўлсанг-да, у, келгуси ноумид жангда иштирок этишга истак билдирган бирор-бир кишини топади ва бу ҳолат такрорланаверади. Эҳтимол шу тариқа, у ҳеч қачон ўз қудратига қайта эриша олмас.
Гарри бош ирғиди, бироқ бу ҳаракати унинг бошини айлантириб юборди.
- Сэр, айрим нарсаларни сиздан сўраб билмоқчи эдим, агар мумкин бўлса, албатта... Авваламбор, бир ҳақиқатни идрок этмоқчиман...
- Ҳақиқатни, - хўрсинди Дамблдор, - Ҳақиқат жуда гўзал ва айни вақтда ниҳоятда даҳшатли қудратга эга тушунчадир. Шундай экан, у билан ниҳоятда эҳтиёткорона муомала қилмоқ даркор. Аммо, сенинг саволларингга жавоб бераман, агар менда саволингни жавобсиз қолдиришга жиддий асос бўлмаса, албатта. Демак, мени маъзур санашингга тўғри келади. Табиийки, у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам ёлғон гапирмайман, сўра.
- Яхши... Вольдемортнинг сўзларига қараганда у онамни ўлдиришни истамаган, бироқ мени ўлдиргани тўсқинлик қилгани учун ҳам ҳалок қилишга мажбур бўлган экан. Нега энди ўшанда, Вольдеморт, мендай чақалоқни ўлдиришни истаб қолган?
- Минг афсус! - янада чуқурроқ хўрсинди Дамблдор, - Биринчи саволингни жавобсиз қолдиришга мажбурман. Бугун эмас. Ҳозир эмас, Гарри. Вақти келиб бунинг сабабини албатта билиб оласан... ҳозир эса ушбу ўй-фикрларни миянгдан чиқариб ташла, ўғлим. Бир оз улғайгач... Биламан, бу гапни эшитиш сенга осон кечмайди... Ушбу савол жавобини эшитишга тайёр бўлганингда, бор гапни билиб оласан.
Гарри баслашиш бефойда эканлигини тушунди.
- Нима учун Белка менга қўл теккиза олмади?
- Онанг сени ҳимоя қилиб, ҳалок бўлди. Бу дунёда Вольдеморт ва унга ўхшаганлар тушуниб етмайдиган шундай бир тушунча борки, ўғлим, у ҳам бўлса, муҳаббат. Онангнинг сенга бўлган муҳаббати ва ушбу муҳаббат кучи ўз изини қолдириши мумкинлигини у ҳеч идрок эта олмайди. Бу из пешонангдаги чандиқ ҳам эмас, бирор-бир кўзга кўринадиган бошқа аломат ҳам эмас... Бироқ бирор-бир кишининг сенга бўлган муҳаббати ўта кучли бўлса, у, вафотидан сўнг ҳам, ўз муҳаббати ила сени ҳимоя қилиб боради. Сенинг жамики вужудингга онангнинг муҳаббати сингиб кетган. Шу боис ҳам ўз жон-у, танини Вольдеморт билан баҳам кўриб, юраги нафрат, ҳасрат ва ғазабга тўлиб-тошган Белка сенга қўл теккиза олмади. Муҳаббат каби гўзал нарсага қўл кўтариш, унинг учун, том маънода, ўлим билан баробар бўлиб қолди.
Дамблдор кутилмаганда дераза токчасига қўнган қушчага қизиқиб қаради. Пайтдан фойдаланган Гарри чойшаб четига кўз ёшини артиб олди.
- Кўринмас плашни-чи, ким юборди менга, хабарингиз йўқми? - сўради ўзини идора қилиб олган бола.
- Ҳа, плашними... Шундай бир ҳолат бўлдики, отанг уни менга ташлаб кетди. Сенга асқатади деб ўйладим, - Дамблдор кўзини қисиб қўйди, - Фойдали буюм... Ўз вақтида отанг ўша плаш ёрдамида ошхонадан кулча ўғирлаб юрган эди.
- Яна бир савол.
- Бос.
- Белканинг сўзларига қараганда, Снегг...
- Профессор Снегг, Гарри.
- Ҳа... Белканинг сўзларига қараганда, у, дадамдан нафратлангани учун мендан ҳам нафратланар экан. Шу гап ростми?
- Айтиш жоизки, улар чиндан ҳам бир-биридан нафратланишган. Тахминан сен билан Малфой каби. Бундан ташқари, отанг шундай бир иш қилиб қўйган эдики, Снегг уни кечиришга қурби етмаган.
- Қандай иш экан у?
- Отанг Снеггнинг ҳаётини сақлаб қолган.
- Нима?
- Ҳа-ҳа... - тасдиқлади Дамблдор ўйланиб қолиб, - Инсон табиати нақадар мантиқсиз яралган! Қизиқ, а? Профессор Снегг отанг олдида қарздор эканлигига бардош бера олмайди... Бутун ўқув йили давомида у сени ўз табиатига хос тарзда ҳимоя қилиб юрганига ишончим комил. Шундай қилса, ўз қарзидан халос бўлишига ишонади ва отанг ҳақидаги хотиралардан ҳазар қилиб, нафратланганча яшаб ўтади...
Гарри, ушбу сўзлар маъносини идрок этишга уриниб кўрди-ю, миясида қон урилиб, ортиқ ўйламасликка мажбур бўлди.
- Сэр, яна битта савол...
- Биттагина холос-ми?
- Кўзгу ичидаги тош қандай қилиб қўлимга тушиб қолди?
- Ҳа, мана бу яхши савол бўлди. Бу менинг энг ажойиб ғояларимдан бири бўлган. Гап шу ерда қолсин-у, мен камтаринлик қилмоқдаман. Ҳамма бало шундаки, Фалсафий тошни топмоқчи бўлган, тушуняпсан-ми, ундан ғараз ниятда фойдаланмоқчи бўлган эмас, фақат топмоқчи бўлган кишигина, уни қўлга кирита олиши мумкин эди. Акс ҳолда киши Кўнгилдаги орзулар кўзгусида олтин ясаётган ёки Оби-Ҳаёт ичаётган ўз аксинигина кўриши мумкин. Баъзан мен ўзимдан ўзим қойил қолиб, ўзимни ўзим лол қолдираман... Бас энди, бугунга етар. Яхшиси мана бу ширинликларга қара. Барча таъмларни ўзига мужассам этган Берти Ботт ёнғоқлари ҳам бор экан! Болалигимда омадим юришмай, қусуқ таъмли ёнғоқ теккан. Шундан сўнг, ушбу ширинликка бўлган қизиқишим сўнган эди. Умид қиламанки, мана бу гулсапсар рангли ёнғоқни есам, бирор-бир мудҳиш иш бўлмайди-а?
У кулиб қўйди-да, айёр қиёфа билан тилла-жигар ранг ёнғоқни оғзига солиб, тиқилиб қолгандай бўлди.
- Минг афсус! Қулоқ кири!
Фельдшер Помфри хоним кўринишдан ёқимтой бўлгани билан, жуда талабчан аёл.
- Атиги беш дақиқа, - ўтинар эди Гарри.
- Йўқ дедим-ми, йўқ.
- Профессор Дамблдорни киритдингиз-ку...
- Ҳа киритдим. Ахир у директор. Фарқи катта. Сен дам олишинг керак.
- Мен нима қиляпман? Дам оляпман-ку, ётибман ва ҳоказо. Илтимос, Помфри хоним.
- Хўп, майли, - таслим бўлди хоним, - Фақат беш дақиқа.
Помфри хоним Рон билан Гермионани киритди.
- Гарри!
Гермиона ўзини Гаррига отишга шай эди-ю, ҳаракатини идора қилиб олди. Хайриятки Гаррининг боши ҳамон оғриётган экан.
- О, Гарри, биз қўрққан эдик-ки, сен... Дамблдор жуда хавотир олди.
- Бутун мактабда дув-дув гап, - деди Рон, - Аслида нима бўлди ўзи?
Баъзан, ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеалар, ушбу ҳодисалар ҳақида тарқалган миш-миш гаплардан ҳам кўра сирли ва мароқли эшитилади. Гаррининг ҳикояси айни шундай фавқулодда ҳолатлардан бири бўлди. Гарри дўстларига бўлиб ўтган ишларнинг ҳаммасини бирма-бир: Белка ҳақида ҳам, Кўнгилдаги орзулар кўзгуси ҳақида ҳам, Фалсафий тош ҳақида ҳам, Вольдеморт ҳақида ҳам сўзлаб берди. Рон билан Гермиона эса ўзларини жуда яхши тингловчилардай тутишди. Улар ҳикоянинг керакли жойларида оҳ уришди. Белка бошидаги саллани ечган жойда эса Гермиона баланд овозда хитоб қилиб юборди.
- Демак, Фалсафий тош энди йўқ, Фламел эса ўлади! - хулоса чиқарди Рон.
- Мен ҳам Дамблдорга шу саволни бердим. У менга, нима деган эди? Ҳа, эсладим: «ўлим, тўғри шаклланган онг учун, янги бир ажиб саргузашт» деди.
- Қариянинг томи жойида эмаслигини сизларга доим таъкидлаб келганман, мана исботи, - деди Рон, доно қиёфа ясаб.
Рон ўзи фикр юритган қаҳрамонларнинг бариси ана шундай телба эканлиги ўзига хуш келиши аён билиниб турибди.
- Сизларга нима қилди, - сўради Гарри.
- Мен қирмизи оловдан соғ-саломат ўтиб, ортга қайтиб чиқдим. Сўнг, Ронни ҳушига келтирдим. Бунинг учун анча вақт керак бўлди. Шундан сўнг, Дамблдорга хабар етказиш учун бойқушхона томон югурдик. Аммо улгурмадик. Ўзи вестибюлда турган ва бор гапдан хабардор экан. Бизни кўргач: «Гарри унинг кетидан кириб кетди-ми?», - деб сўраганча, учинчи қават томон югурди.
- Нима деб ўйлайсан, сен айни шундай иш тутишингни Дамблдор билганми-йўқми? - сўради Рон, - Билиб туриб сенга кўринмас плашни юборганми?
- Бўлиши мумкин эмас, - бақириб юборди Гермиона, - Билиб туриб тек қўйиб берган бўлса, даҳшат. Ахир сен ҳалок бўлишинг мумкин эди-ку.
- Йўқ, даҳшат эмас, - ўйланиб гапирди Гарри, - Дамблдор чиндан ҳам ғалати одам. Назаримда у менга имкон берди. Фикримча, қария бу ерда бўлаётган барча гаплардан бохабар бўлиб боради, тушуняпсиз-ми? Билишимча, у сиз билан бизнинг режаларимизни фаҳмлаб юрган. Бизни тўхтатиб қолиш ўрнига ҳаётий тажрибамизни бойитишга аҳд қилган ва зарурий фурсатда ёрдамга келган. Кўнгилдаги орзулар қандай кор беришини билиб олишим ҳам тасодиф эмас деб ўйлайман. Бунга Дамблдорнинг ўзи имкон яратиб берган. Фаҳмимча, Вольдеморт билан юзма-юз келишимга ҳақли эканлигимни у тўғри деб топган, агар мен...
- Айтдим-ку, томи жойида эмас уни деб, - виқор-ла таъкидлади Рон, - Қулоқ сол, эртага, ўқув йили тугалланганлиги муносабати билан ўтказиладиган зиёфатга сен албатта чиқишинг керак. Мактаб кубогини энг кўп балл тўплаган слизеринчилар олишади албатта. Сўнгги ўйинда иштирок этмаганинг учун «Равенкло» квидиш жамоамизни пачоқ қилиб ташлади. Ҳеч қиси йўқ, аммо мазали таомларни еб тўйиш ҳуқуқимиз дахлсиз қолган.
Айни шу фурсатда Помфри хоним отилиб кирди.
- Ўн беш дақиқадан буён ўтирибсиз. Бўлди, жўнанг бу ердан, КЕТИНГ!

***
Гарри тўйиб ухлаб олгач, эрталаб ўзини яхши ҳис этди.
- Мен байрам тантаналарига бормоқчиман, - деди у, Помфри хоним стол устидаги ширинликларнинг кўп сонли қутиларини тўғрилаш билан машғул бўлаётганида, - Борсам бўладими?
- Профессор Дамблдорнинг фикрича, сенга, байрам тантаналарида иштирок этишга рухсат бериш керак эмиш, - жавоб қайтарди лабларини маҳкам қисиб олган Помфри хоним, гўё Дамблдор бундай тадбирда иштирок этиши бола учун қанчалик хавфли эканлигини ўзига тасаввур эта олмаяпти деган фикрни айтишдан ўзини базўр тийиб олгандай, - Бундан ташқари, сени кўргани меҳмон келган.
- Зўр-ку, - хурсанд бўлди Гарри, - Ким экан?
Ушбу сўзлар айтилаётганида хонага, ёнбош томони билан эшикдан базўр сиғиб ўтган Хагрид кириб келди. Одатдагидай, хона ичида у, жоиз бўлмаган даражада йирик кўринди. Давангир Гаррининг ёнига ўтириб, бола томон бир қараб қўйди-да, кутилмаганда ҳўнграб юборди.
- Жин урсин, ҳаммасига мен айбдорман! - пиқиллади у, - Момиқвойни алдаб ўтишни ўзим айтиб берибман! Ўзим! Билмаган нарсаси шу қолган экан. Уни ҳам ўз оғзим билан гуллаб қўйибман! Сен ўлиб қолишинг мумкин эди-ку! Аждар тухумининг эвазига-я! Нақадар аҳмоқ эканман! Энди ҳаётда оғзимга олмаганим бўлсин, ўша лаънати ичкиликни! Мени Маглистонга қувиб солиш керак!
- Хагрид! - хитоб қилиб юборди Гарри, мактаб қоровулининг ғам-андуҳдан титраб йиғлаётгани ва йирик кўз ёшлари соқолларини ювиб тушаётганини кўриб, - Хагрид, у бари-бир билиб олар эди. Ахир бу Вольдеморт-ку! Сен айтмасанг ҳам билиб олган бўлар эди.
- Сен ўлиб қолишинг мумкин эди-ку! - ҳўнграшини қўймади Хагрид, - Унинг исмини талаффуз...
- ВОЛЬДЕМОРТ! - қичқириб юборди Гарри, Хагридни даҳшатга солганча, ҳўнграшдан тўхтатиб, - Мен у билан яхши танишиб олганман ва шу боис ҳам номини талаффуз этишга журъат эта оламан. Илтимос, тинчлан, Хагрид. Биз Фалсафий тошни душманга бериб қўймадик. У йўқ қилинди ва энди Вольдеморт уни ўғирлай олмайди. Менинг шокобақаларим жуда кўп. Улардан бирини ол-да, тинчлан.
Хагрид ўзининг катта бурнини йирик кафти билан артиб олди.
- Ҳа, айтгандай. Сенга совға олиб келган эдим.
- Така гўштидан тайёрланган сэндвич бўлмаса керак, деб умид қиламан, - хавотирланди Гарри.
Хагрид, ниҳоят кулимсираб қўйди.
- Дамблдор мени ишдан ҳайдаб юбориш ўрнига... Майли, бунинг аҳамияти йўқ. Мана бу ишни охиригача етказишим учун дам олиш куни берган эди. Мана, бу сенга.
Хагрид киссасидан чарм муқовали чиройли китобча чиқариб, болага узатди. Гарри уни қизиқиб очди. Ичида сеҳрли фотосуратлар бор экан. Ҳар бир саҳифада Гаррининг ота-онаси кулиб ҳавойи ўпич йўлламоқда.
- Ота-онангнинг синфдошларига бойқушлар йўлладим. Кимда қандай фотосурат бўлса, юборишини сўрадим... Сенда бирорта ҳам йўқ-ку... Ёқди-ми?
Гарри жавоб бера олмади. Боланинг аҳволини тушунган Хагрид хафа бўлмади.
Гарри пастга, байрам зиёфатига охирги бўлиб тушди. Пациентнинг[1] аҳволини «сўнгги бор» текшириб, ишлар жойида эканлигига ишонч ҳосил қилинганча, ивирсиган Помфри хоним уни ушлаб қолди. Етти йилдан буён мактаб кубогини қўлда сақлаб қолаётган «Слизерин» факультетининг тимсоллари бўлмиш яшил ва кумуш ранглар билан безатилган Катта Зал Гарри кириб келганда одамга тўлиб бўлган экан. Мўътабар Стол ортидаги деворга «Слизерин» илонининг тасвири туширилган катта байроқ тортилган.
Гарри кириб келиши билан Катта Залга сукунат чўкди. Фурсат ўтгач, ҳамма яна ўзи билан ўзи овора бўлиб, жонли суҳбат давом этди. Бола «Гриффиндор» столига яқин келиб, дўстлари Рон билан Гермионанинг ўртасига жойлашиб олди. Айни пайтда уни яна бир бор, соғ-саломат кўриш учун ҳамма қалқиб, оёққа туриб олгани, арвоҳларнинг ҳаммаси бирма-бир устидан учиб ўтганига эътибор қаратмади.
Хайриятки икки дақиқадан сўнг кириб келган Дамблдор Гаррини бундай ноқулай ҳолатдан халос этди. Ғовур-ғувур босилди.
- Мана, орадан яна бир йил ўтди! - қувонч-ла сўз бошлади Дамблдор, - Сизларга эса мазали таомларга тиш санчишдан олдин, мендай ақли ноқис қариянинг вати-кути гапларига қулоқ тутиб, сабр қилишга тўғри келади. Қанақанги йил бўлди, ўтган йил?! Умид қиламанки, бошларингиз ўқув йили давомида тасарруф этилган билимлардан янада оғирлашиб кетди... Ушбу билимларни миянгиздан битта қўймай, охиргача қоқиб чиқариб юборишингиз учун эса олдинда бутун бир ёз турибди.
Дамблдор бир оз кулимсираганча, ўйланиб турди-да, гапини давом этди.
- Ҳозир, фаҳмимча, ҳамма, мактаб кубоги топширилишини кутмоқда. Тўпланган баллар қуйидагича тақсимланди: тўртинчи ўринда «Гриффиндор», уч юз ўн икки балл; учинчи ўринда «Хуффльпуфф», уч юз эллик икки балл; «Равенкло» бу йил тўрт юз йигирма олти балл тўплашга муваффақ бўлди ва ниҳоят биринчи ўринда, «Слизерин», тўрт юз етмиш икки балл.
«Слизерин» столи атрофида қарсаклар ва бақир-чақирлар янгради. Гаррининг нигоҳи қўлидаги кумуш бокални столга ураётган Драко Малфойга тушди. Қандай жирканч қилиқ.
- Жуда соз, жуда яхши «Слизерин», - мақтаб қўйди Дамблдор, - Бироқ бўлиб ўтган сўнгги воқеаларни инобатга олишимиз зарур.
Катта Залдаги товушлар ўчди. Слизеринчиларнинг юзидаги кулги шу заҳоти сўнди.
- Диққат! - деди Дамблдор, - Менда, балларнинг муайян миқдори қолиб кетган бўлиб, уларни, кўрсатган хизматлари учун, ўз эгаларига топширишим керак. Кимдан бошласам экан... Хўш... Авваламбор, мистер Рональд Уэслига...
Роннинг юзига қон югуриб, пишиб ўтиб кетган редискадай қизариб кетди.
- ... мактаб даргоҳида кўп йиллардан буён биринчи бор юксак маҳорат ила ғалаба қозонилган шахмат ўйини учун «Гриффиндор»га эллик балл қўшаман.
«Гриффиндор» столи атрофида Катта Залнинг сеҳрланган шифти томон қаратилган шундай қичқириқлар эшитилдики, ҳатто ситоралар титраб кетди. Перси ёнида ўтирган синфбошиларга фахр-ла мақтаниб қичқирди.
- Бу менинг укам, эшитяпсиз-ми, бу менинг кенжа укам! Йўқ, сиз фаҳмладингиз-ми! Ахир укам, кимсан – Макгонагаллнинг шахмат тахтаси устида ғалаба қозонди.
Ниҳоят ҳаяжонлар бир оз босилди.
- Иккинчидан, совуқ мантиғи қизиб ёнаётган оловдан устун келган мисс Гермиона Грэнжерга... «Гриффиндор»га яна эллик балл қўшаман.
Гермиона кафти билан юзини бекитиб олди. Гаррининг назарида у йиғлаб юборгандай бўлди. Бақир-чақир қилаётган гриффиндорчилар ақл-ҳушини йўқотиб қўйишларига оз қолди. Ахир улар кутилмаганда юз баллга кўтарилиб кетишди-ку.
- Учинчидан... мистер Гарри Поттерга, - давом этди Дамблдор, Катта Залга сукунат чўктиргач, - Унинг вазминлиги ва мисли кўрилмаган жасорати учун «Гриффиндор»га олтмиш балл қўшаман.
Гаррининг шарафига янграган гулдурос олқишлар қулоқни кар қилиб юборгандай бўлди. Зўр бериб чинқиришлар орасида ҳисоблаш қобилиятини йўқотмаганлар «Гриффиндор» худди «Слизерин» каби тўрт юз етмиш икки балл тўплаганини тушуниб етишди. Улар энди кубокни тенг баҳам кўрадилар. Агар Дамблдор Гаррига атиги бир балл кўпроқ қўшганда эди...
Дамблдор қўлини кўтарди. Катта Залда аста-секин жимлик қарор топди.
- Мардлик ва жасоратнинг кўриниши кўп, жаноблар, - деди Дамблдор кулиб, - Шубҳа йўқ-ки, душманга қарши курашга кўтарилиш учун киши ниҳоятда ботир бўлиши даркор. Бироқ ўз дўстларига қарши чиқиш учун ҳам кишига анчагина куч ва шижоат керак бўлади. Шундай экан, мен мистер Невилль Лонгботтомни ўн балл билан тақдирлайман.
«Гриффиндор» столидан эшитилган олқишлар шу қадар кучли эшитилдики, агар кимдир айни шу фурсатда ташқарида бўлганида Катта Зал портлаб кетди деган хаёлга бориши муқаррар эди. Гарри, Рон ва Гермиона қичқириб, завқланганча ҳамма билан тенг сапчиб туришди. Ўз коллежига йил давомида ҳали бирорта бўлсин балл келтирмаган, серрайиб, ранги оқарган бечора Невилль эса уни қучоқлашга ташланган болалар остида қолиб кетди. Ҳалигача айюҳаннос солаётган Гарри Роннинг қовурғасига туртиб, Малфой томон имо қилди. Эсанкираб қолган Драконинг қиёфаси тўлиқ Тана-бинт афсуни қўлланилган ҳолатдан ҳам беш баттар эди.
«Хуффльпуфф» ҳам, «Равенкло» ҳам «Слизерин»нинг қулаганидан севиниб, «Гриффиндор» билан теппа-тенг тантана қилди.
- Бу эса ўз навбатида, - мисли кўрилмаган шовқин сурондан ҳам баланд овоз билан қичқирди Дамблдор, - Катта Зал манзарасини бир оз ўзгартиришимиз кераклигини англатади.
Ушбу сўзларни қичқирган Дамблдор қарс урди. Бир сония ичида Катта Залдаги яшил ранг қирмизи тусга, кумуш тус эса тилла рангга алмашди. «Слизерин»нинг тимсоли бўлмиш улкан илон гум бўлиб, унинг ўрнини «Гриффиндор»нинг тимсоли – қудратли шер эгаллади.
Снегг зўрма-зўраки, ғайритабиий жилмайиш ясаганча, профессор Макгонагаллнинг қўлини сиқиб қўйгач, нигоҳини Гаррига қаратди. Северуснинг муносабати зиғирдай бўлса ҳам, ўзгармаганини бола дарҳол сезди.
Мактаб ҳаёти шиддат билан ўз изига тушгандай бўлди гўё. Келаси йил ишлари «Хогварц»да бўлиши мумкин бўлган даражада жойида бўлишига умид боғласа бўлади.
Гарри учун бу байрам ҳаётидаги энг зўр байрам бўлди. Зеро бу байрам квидиш ўйинида қозонган ғалабасидан ҳам, Рождество байрамидан ҳам, дўстлари билан биргаликда тоғ тролли устидан қозонган ғалабасидан ҳам, зўр байрам бўлди. Бугунги оқшомни у ҳеч қачон унутмайди.
Имтиҳон натижаларини эълон қилишлари лозимлигини Гарри унутиб қўйган экан. Шундай бўлса-да, натижалар эълон қилинди. Рон иккаласининг ҳайратда қолдиргани шундаки, уларнинг баҳолари ёмон бўлмади. Табиийки, Гермиона биринчи синф ўқувчилари орасида энг аълочи ўқувчи деб эътироф этилди. Ҳатто Невилль ҳам кейинги синфга ўтибди. Сеҳрли дамламалар тайёрлашдан олган ёмон баҳосининг ўрнини гербологиядан олган яхши баҳоси қоплаб юборди. Ҳамма ўта бефаҳм ва дарғазаб Гойл мактабдан ҳайдалишига умид боғлаган эди. Аммо бундай ҳолат содир бўлмади. Ачинарли ҳол, албатта, бироқ Роннинг айтишича, бахт ҳеч қачон тўлиқ бўлмас эмиш.
Мана ниҳоят, жавонлар бўшаб, сандиқлар тўлди. Невиллнинг бақаси ҳожатхонада топилди. Жамики ўқувчиларга таътил давомида сеҳр-жоду билан шуғулланиш ман этилгани баён этилган махсус эслатмалар тарқатилди.
- Бундай эслатмаларни тарқатиш ёдларидан кўтарилиб қолишига ҳар сафар умид боғлайман, - чуқур хўрсиниб қўйди Фред Уэсли, қўлидаги эслатмани маъюс қиёфа билан киссасига солиб.
Болаларни қайиқчаларга ўтқизиб, кўлнинг нариги соҳилига олиб ўтиш учун Хагрид ҳозир бўлди. «Хогварц-Экспресс»га ўтирган болалар алланималар ҳақида вайсаб, кулишди, барча таъмларни ўзига мужассам этган Берти Ботт ёнғоқларини кавшаб боришди. Деразадан кўринган манзара эса тобора яшил, завқли ва батартиб манзарага алмашиб борди. Маглларнинг шаҳарларидан ўтишаётганда сеҳргарлар кийимини ечиб, маглларнинг кийимини кийиб олишди ва ниҳоят Кингс-Кроссдаги тўққиз бутун тўртдан учинчи платформага етиб келишди.
Ўқувчилар платформани тарк этиб тарқалгунга қадар кўп вақт ўтди. Тўсиқ олдида турган тажрибали чиптачи маглларнинг эътиборини жалб этмаслик учун болаларни иккитадан, кўпи билан учтадан ўтказди. Бир поезд бола девордан чиқиб келишса нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг!
- Сизлар ёзда уйимизга меҳмонга келишингиз керак, иккалангиз, - деди Рон, - Мен бойқуш йўллайман.
- Раҳмат, - миннатдорлик билдирди Гарри, - Кутаман.
Учовлон ўртоқ аста-секин магллар дунёсига олиб ўтадиган дарвозага яқинлашиб боришди. «Хогварц» ўқувчилари эса улар ёнидан шоша-пиша хайрлашиб ўтишди.
- Учрашгунча, Гарри!
- Омон бўл, Поттер!
- Машҳурсан, - кулиб қўйди Рон.
- Ҳа, фақат мен борадиган жойда эмас. Бунга шубҳа қилмасанг ҳам бўлади, - деди Гарри, маъюс оҳангда.
Гарри, Рон ва Гермиона дарвозадан бирга чиқишди.
Кутилмаганда қизалоқнинг овози эшитилди.
- Ойи, ана у, кўрдингиз-ми, ана!
- Сингилчам, Жинна, - деди Рон.
Бироқ Жинна онасига Ронни эмас, Гаррини кўрсатаётган экан.
- Гарри Поттер! - қичқирар эди у, - Қаранг, ойи! Мен...
- Секинроқ, Жинна, қичқирма. Одамга бармоқ ўқташ ҳам одобдан эмас.
Миссис Уэсли болаларни кулиб қарши олди.
- Қийин ўтди-ми йил? - сўради у.
- Жуда, - жавоб қайтарди Гарри, - Ирис қандлар ва свитер учун раҳмат, миссис Уэсли.
- Қўйсанг-чи, ёқимтойгинам, арзимайди.
- Ҳой сен, тайёрмисан?
Бу, ҳеч кимнинг овози билан адаштириб юборилмайдиган Вернон амакининг овози. У одатдагидай лавлагиюз, одатдагидай мўйловли ва одатдагидай Гаррининг юриш-туришидан дарғазаб. Қаранг-ки, боадаб, ақли расо одамлар тўла платформада Гарри бойқуш қамалган катта қафас кўтариб юрибди. Амакининг ортида, Гаррининг қайтиб келганидан хурсанд эмаслиги яққол кўриниб турган Петунья хола билан Дудли турибди.
- Сизлар, фаҳмимча, Гаррининг қариндошлари бўлсангиз керак! - деди миссис Уэсли.
- Агар шундай дейиш керак бўлса, - жавоб қайтарди Вернон амаки, - Тез бўл, ҳой бола. Сени деб куни билан сандироқлаб юрмаймиз-ку, бу ерда, - деди-да, ўгирилиб нари кетди.
Гарри ўртоқлари билан хайрлашиб олиш учун бир оз ушланиб қолди.
- Ёзда учрашгунча.
- Ёзни... эсон-омон ўтказиб ол, Гарри, - деди Гермиона, Вернон амакининг қўполлигидан серрайиб.
- Ҳаракат қиламан, - деди Гарри.
Унинг юзидаги тантанавор кулгини кўрган дўстлари ҳайрон бўлишди.
- Улар уйда сеҳр-жоду билан шуғулланиш ман этилганидан бехабар-ку. Дудли иккаламиз ёзни маза қилиб ўтказамиз...




Комментариев нет:

Отправить комментарий